Ссылки доступа

Туркманистонда ун сотиб олишда маълумотнома талаб қилинмоқда


Дашўғуздаги манбаларнинг хабар қилишича, ун сотиб олиш ниятида бўлган маҳаллий аҳоли вакилларидан газ ва электр энергиясидан қарзи йўқлиги борасида маълумотнома талаб қилинмоқда.

“Озодлик” билан суҳбатлашган манбаларнинг сўзларига қараганда, бундан ташқари давлат томонидан мувоффиқлаштирилиб туриладиган айрим дўконларда харидорлардан уйларидаги кўрсаткич жиҳози бўлмиш - ҳисоблагич борасидаги ҳужжатни ҳам талаб қилишмоқда. "Акс ҳолда уларга ун сотилмайди", - дейди Дашўғуздаги манба.

Икки ойдан ошибдики, Туркманистоннинг турли минтақаларида ун етишмовчилиги ва нархларнинг кўтарилгани кузатилмоқда. Бу ерда гап маҳаллий корхоналар томонидан Туркманистоннинг ўзида етиштирилган ёки хориждан олиб келинган ғалладан тайёрланган ун ҳақида бормоқда. Давлат томонидан мувоффиқлаштириладиган савдо нуқталарида мазкур маҳсулот арзон нархларда сотилади.

Маҳаллий кузатувчиларнинг таъкидлашларича, мамлакат аҳолиси, биринчи навбатда вилоятларда истиқомат қилувчилар ун етишмовчилиги ва нархлар кўтарилиши шароитларида ҳар эҳтимолга қарши бу маҳсулотни авввалдан ғамлаб қўйишга ҳаракат қилмоқда.

“Озодлик” манбаларнинг маълум қилишларича, Дашўғизда ун етишмовчилиги тўғрисидаги хабарлардан сўнг мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедов минтақа раҳбарларини ва Гўрўғли, Дашўғуз, Қўхна Ургенч туманларида жойлашган ун заводлари раҳбариятини Ашхабодга чақирган.

XS
SM
MD
LG