Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани марказий касалхонасининг санитаркалари иш пайтида ҳокимнинг иш кабинети ва шахсий буюмларини ювиб тозалашга мажбурланаётгани ҳақида дўстликлардан бири хабар берди. "Буни менга санитаркаларнинг ўзлари йиғлаб айтиб берди. Уларнинг гапларини эшитиб хафа бўлиб кетдим. Хотин-қизларимизни ҳимоя қиладиган бирор ташкилот борми ўзи", - дейди санитаркалар билан суҳбатлашган одам.
Cанитаркалардан бирининг айтишича, уларни бу ишга туман касалхонаси бош ҳамшираси юборган. “Биз сменада эдик. 24 соат сменада турамиз. Бош ҳамшира келиб “ҳозир ҳокимиятга борасизлар, ўзларинг билан латта олинглар”, деб буйруқ берди. Борсак Амриддин деган ҳокимнинг ўринбосари ҳокимнинг хонасига киргизди. Қоровулига айтгизиб, хлор обкелтирди. “Хоналарни хлорлаб ювасизлар”, деди. Биз “перчатка олиб келмаганмиз, хлор қўлни ёриб юборади”, десак ҳам ҳокимнинг иш хонаси ва ичкаридаги ётоқхонаси, туалет ва душни мажбурлаб перчаткасиз ювдирди”, - дейди санитарка.
Унинг айтишича, ҳоким ўринбосари ҳокимнинг шахсий буюмларини ҳам ювдирган. “Кейин кийим иладиганни тагида ҳокимнинг икки жуфт пайпоғи бор экан, ўшани ҳам ювдирди. Уч жуфт оёқ кийимини тозалатиб, крем сурдирди. Бизга роса алам қилди, нима ҳокимнинг хотини йўқми, қизлари йўқми пайпоғини ювиб берадиган ёки туфлисини артиб қўядиган. Санитарка дегани ҳокимнинг шахсий фарроши дегани эмаску, бизнинг ишимиз касалхона тозалигини таъминлашку ”, - дейди санитарка.
Исми сир қолишини сўраган бошқа бир санитарка туман ҳокими ўринбосарининг ишдан кетказиш билан дағдаға остида ҳокимнинг шахсий буюмларини ювиб тозалашга мажбурланганини айтди.
Унинг айтишича, ҳоким бош врачга ҳар уч кунда унинг иш хонаси, туалети ва шахсий кийимларини ювишга санитаркаларни жўнатасан деб буйруқ берган. Бироқ туман ҳокимлигида санитаркаларни ҳокимликка ишлашга чақирилганини инкор қилишди.