Ссылки доступа

Ўзбекистон мудофаа вазири: "Биз чегарадаги вазият борасида Тожикистон ташвишларини тушунамиз"


Ўзбекистон ҳукумати Тожикистоннинг МДҲ ташқи чегараларидаги вазият борасидаги ташвишларини тушунади, деди Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов ўзининг россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан бўлиб ўтган учрашувда.

Суҳбат 12 октябрь куни Душанбеда Ҳамдўстлик мамлакатлари мудофаа вазирлари кенгаши мажлиси доирасида бўлиб ўтди.

Мажлис ишида РФ, Белоруссия, Қозоғистон, Арманистон, Озарбайжон, Тожикистон, Ўзбекистон мудофаа вазирлари, Қирғизистон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи ва Туркманистон элчихонасининг ҳарбий атташе иштирок этди.

Ўзбек вазирининг айтишича, унинг мамлакати “Ҳамдўстликнинг жанубий чегаралари мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашни таъминлаш мақсадида барча имкониятларни ишга солади”. У Ўзбекистон иштирок этиши керак бўлганда, ҳукумат четда турмаслигига ишонтирди. «Биз ҳам Афғонистон билан чегарадошмиз. Айтайлик, Тожикистон ёки Қирғизистонда нимадир юз бергудек бўлса — унинг таъсиридан Ўзбекистон ҳам четда қолмайди. Чунки бу ерда битта организм, ягона қон айланиши мавжуд. Қаерлардадир мамлакатларимиз ўртасида чегаралар деярли йўқ. Шу сабабли бу йўналишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш керак»,- дея баёнот берди Абдусалом Азизов.

Тожикистон мудофаа вазирлиги матбуот котиби Фаридун Маҳмадализоданинг айтишича, Ўзбекистон мудофаа вазирлигининг раҳбари сўнгги 20 йилда илк бор Тожикистонга ташриф буюрди.

МДХ мамлакатлари мудофаа вазирлари Кенгаши Душанбеда бўлиб ўтган мажлиси якунида 2018 йилда Қуролли кучлар томонидан ўтказилиши кутилаётган қўшма тадбирлар режасини қабул қилди, дея хабар берди РФ мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

XS
SM
MD
LG