Ссылки доступа

Ўзбекистонда 72-яшар аёл нафақа олиш учун навбатда турганда ўлди


Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳрида яшовчи 72-яшар Мария Худойқулова нафақа пулини олиш учун турган навбатдаги тиқилинч туфайли оламдан кўз юмган. Воқеа гувоҳларининг айтишларига қараганда, у нафақасини олиш учун навбатда бир неча соат турган.

Воқеа гувоҳларининг айтишларига қараганда, Мария Худойқулова 6 апрель куни "Навбаҳор" маҳалла фуқаролар йиғинига нафақа пулини олишга навбат олиш учун эрталаб вақтли келган:

– Учта маҳалла аҳолисига қўнғироқ қилиб, "Навбаҳор"га нафақа пулларини олиш учун келишларини айтишди. Мени кўз ўнгимда 150га яқин одам пул тарқатилаётган хонага бир пайтнинг ўзида киришга уринишди. Бу кекса аёл тиқилинч орасида қолиб кетди ва натижада унда юрак ҳуружи содир бўлди. У ердаги одамлардан ҳеч ким унга эътибор бермади. Аёллардан 2-3таси уни четга олиб чиқиб, сув бермоқчи бўлишганда ичкаридан кимдир сув йўқ деб бақирди. Сув керак бўлса дўконга боринглар, дейишди. Бир йигит сув учун дўконга чопиб кетди, аммо қайтиб келгунича қария вафот этди. "Тез ёрдамга" қўнғироқ қилишди, лекин шифокорлар келгунига қадар аёл ўлиб бўлган эди, – дейди воқеа жойида бўлганлардан бири.

Уларнинг айтишларича, кекса аёлнинг ўлимидан сўнг воқеани расмийлаштириш учун маҳаллага милиция ва прокуратура ходимлари келишган.

– Онам авваллари нафақа пулларини почтадан олар эди, бироқ у ерда ҳам доим катта навбат бўлган. Бу ойдан бошлаб банк пулларни маҳаллага олиб келади, дейишди. Менинг фикримча, нафақа пулларини тарқатиш ташкиллаштирилмаганлиги оқибатида шу фожиа юз берди. Онам эрталаб уйдан нафақа пулини олиш учун соғлом чиқиб кетиб, пешиндан кейин менга унинг ўлигини топширишди, – дейди вафот этган аёлнинг ўғли.

XS
SM
MD
LG