Ссылки доступа

Курскда ҳам муҳожирларга такси ҳайдаш тақиқланди


Аввалроқ Камчатка ва Новосибирскда мигрантларга такси ҳайдаш тақиқланди

Россиянинг Курск вилоятида меҳнат муҳожирларига таксичи бўлиб ишлаш ман этилди. Тегишли фармонни губернатор Роман Старовойт имзолади.

Старовойтни маълум қилишича, қарор қабул қилишдан олдин у вилоят аҳолиси ўртасида телеграм канали орқали сўров ўтказган. 42 мингдан ортиқ киши овоз берган сўровда 82 фоизи муҳожирларига таксичи бўлиб ишлашни тақиқлашни қўллаб-қувватлаган.

Шу билан бирга, Старовойт "ҳар ким Россия фуқаролигини олиш ва ҳар қандай фаолият соҳасида ишлашни давом эттириш имкониятига эга" эканлигини эслатиб ўтган.

Аввалроқ Камчатка ва Новосибирскда мигрантларга такси ҳайдаш тақиқланган эди.

2023 йил октябрида Россия Давлат думасига хорижлик фуқароларга бутун мамлакат бўйлаб мактабларда, фармацевтика соҳасида, давлатга қарашли тиббий муассасаларда, такси ва юк ташиш соҳаларида ишлашни тақиқлаш таклиф этилган қонун лойиҳаси киритилган эди.

2023 йил ноябрида Давлат думаси спикерининг ўринбосари Пётр Толстой “Россиянинг мигрантларга нисбатан позицияси пассив”лигидан таассуфда эканини айтган. У айрим постсовет мамлакатларидан келган кишиларга курьер, такси ҳайдовчиси ва сотувчи бўлиб ишлашни тақиқлашни таклиф қилган эди.

Москва вилоятида жойлашган “Крокус Сити Холл”даги терактдан кейин Россияда мигрантларга нисбатан ксенофобик кайфиятлар кучайиб кетди. Расмий версияга кўра, мазкур концерт залидаги террор хуружи Тожикистон фуқаролари томонидан амалга оширилган. Бунинг ортидан Россиянинг турли ҳудудларида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари хорижлик ишчилар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда ёппасига текширувлар ўтказа бошлаганлар. Айрим ҳолатларда мигрантларни ҳарбий комиссариатда қайдга қўйиш кузатилган.

XS
SM
MD
LG