Ссылки доступа

Қирғизистонда болалар иштирокидаги оммавий тадбирлар бекор қилинди


Жалолобод вилоятида болалар “Манас” эпосини айтаётган пайтда юк машинаси 29 нафар болани уриб кетган.

Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги "болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш" мақсадида мамлакатда ўқувчилар иштирокидаги оммавий тадбирларни, жумладан "Урааним Манас" кўрик-танловини бекор қилди.

Бу чоралар Жалолобод вилоятида 2 май куни содир бўлган йирик бахтсиз воқеадан кейин киритилмоқда. Нохуш воқеа Сузоқ туманининг Жергетал қишлоғида болалар “Манас” эпосини айтаётган пайтда содир бўлган. Оммавий тадбир чоғида кичик ҳажмли Porter юк машинаси 29 нафар болани уриб кетган. Ҳодиса чоғида 9 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар жабрланган. Улардан етти нафари вилоят касалхонасининг жонлантириш бўлимида ётибди, уч нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Бундан ташқари, вояга етмаган уч бола Сузоқ туман касалхонасига етказилган. Яна саккиз нафар бола Умумшифокорлик амалиёти марказига ётқизилган, уларнинг аҳволи “ўртача” дея баҳоланмоқда.

Юк машина ҳайдовчисига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Воқеа содир бўлган жойдан олинган видео ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда.

Қирғизистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, 2023 йилда мамлакат бўйлаб йўл-транспорт ҳодисалари чоғида 783 киши нобуд бўлган, бу эса 2022 йилдаги кўрсаткичга қараганда 13,5 фоизга кўпдир. Ўтган йили Қирғизистонда жами 6945 та ЙТҲ қайдга олинган.

XS
SM
MD
LG