Ссылки доступа

Atlas Party иштирокчиларини ҳақорат қилган шахс 15 суткага қамалди


Ўтган ҳафта якунида “Замонавий аёллар” клуби томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган Atlas Party миллий либослар тарғибот тадбири иштирокчиларини ҳақорат қилган шахсга нисбатан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

ИИВ қайдича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоролик орқали Atlas Party қатнашчиларини обрўсизлантиришга уринган мазкур шахс устидан тадбирда иштирок этган бир неча аёл ички ишлар органларига шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

Видеода аёлларни ҳақорат қилган эркак устидан ИИОга мурожаат қилинганини Озодликнинг 24 апрель куни ёйинланган “Озодназар” кўрсатувида мазкур тадбир иштирокчилардан бири бўлган Диёра Абдужабборова ҳам эътироф этган эди. Абдужабборова Atlas Party иштирокчилари ва уларнинг кийимлари ҳақида ҳақоратли сўзлар айтган кишининг Дилмурод Маллаев исмли шахс эканига эътибор қаратган. ИИВ хабарномасида ҳам таҳқирли видеороликдаги шахс “1988 йилда Сирдарё вилоятида туғилган фуқаро М.Д.” экани аниқлангани урғуланган.

Маллаевнинг видеочиқиши ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Аёллар шикояти ортидан 23 апрель куни “фуқаро М.Д. Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга таклиф этилган”.

“У ўзининг шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда атлас тарғиботини олиб борган аёлларга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатганлиги таъкидлаб ўтди”, дейилган ИИВ хабарномасида.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Дилмурод Маллаевнинг Atlas Party иштирокчилари бўлган аёллардан узр сўраб чиққани акс этган видеоси тарқалган, бироқ у шу билангина қутулиб кетган эмас.

“Ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолати тегишли тартибда Шайхонтоҳур туман суди томонидан кўриб чиқилиб, фуқаро Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси («Майда безорилик») асосида М.Д. га нисбатан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди”, дейилган Ички ишлар вазирлиги хабарномасида.

XS
SM
MD
LG